Мактаб таълими давлат, жамият ва халқ эътиборида

2017.11.06 | Янгиликлар

Мамлакатимизда ёшларнинг пухта таълим олишини таъминлаш, уларни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топтириш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Бош қомусимизнинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатлангани, мактаб ишлари давлат назоратида экани мустаҳкамлаб қўйилган. 

Таълим-тарбия соҳасида қабул қилинган кўплаб фармон ва қарорлар, миллий қонунчилик ҳужжатлари болаларнинг китобхонлигини ошириш, таълимнинг барча бўғинларида ўқитиш сифатини тубдан такомиллаштириш, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар фаолиятини оптималлаштириш, иқтидорли болалар учун ўқув масканларини ташкил этишда янги истиқболларни очмоқда. 

Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ва 2017 йил 6 апрелдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ қатор янгиликлар жорий қилинди. Жумладан, синфда ўқувчилар сони 35 дан ошмаслиги қатъий белгиланди. 

9-синф битирувчилари ва уларнинг ота-оналари ўртасида ўтказилган сўровда ўқувчиларнинг аксарияти ўқишни 10-синфда давом эттириш истагини билдирди. Ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, 2017 – 2018 ўқув йилидан бошлаб мактабларнинг 9-синфи битирувчиларига уларнинг интилишига мос тарзда мактабларнинг 10-синфларида ёки академик лицейлар ва коллежларда ўқишни давом эттиришига имконият яратиб берилди. 

10-11-синфлар учун 12 та фан ўқитилиши назарда тутилган ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилди. Улар асосида 18 номдаги дарсликлар яратилди. Мазкур дарсликларни яратиш жараёнига тажрибали ўқитувчилар, педагог-олимлар ва услубиётчилар кенг жалб этилди. 10-синф ўқувчилари учун 9 миллион нусхада дарслик чоп этилди. 

Умумтаълим мактабларининг 10-синфларида дарс берадиган фан ўқитувчиларининг касб маҳоратларини ошириш мақсадида услубиётчи ўқитувчилар мактаби ташкил этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан саралаб олинган услубиётчи ўқитувчилар учун ўтказилган ўқувларда 10-синфлар учун ўқув режаси, малака талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликларнинг мазмун-моҳияти педагогларга атрофлича тушунтирилди. Ушбу янгиликлар ўқув йили бошлангунга қадар каскад усулида ҳар бир мактаб ўқитувчисигача етказилди. 

Ўқув режасига кўра 10-синф ўқувчилари ҳафтада беш кун умумтаълим фанларини ва бир кун (6 соат) касбга оид фанларни ўрганиши белгиланди. Ўқувчиларга касб ўргатадиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларининг аҳамияти ғоят катта бўлмоқда. 

Президентимизнинг ўқув анжомлари, дарсликлардан иборат совғаси бу йил 1-синфга қадам қўйган 650 минг нафар ўқувчига топширилди. Умумий ўрта таълим соҳасида кечаётган туб ижобий ўзгаришлар самарасида янги давлат таълим стандартлари асосида ўқув адабиётлари яратишга жиддий ёндашилмоқда. 1-, 4-, 6-, 7-, 10-синфлар ўқувчилари учун полиграфик ва дизайн жиҳатидан замонавий талабларга жавоб берадиган дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилиб, таълим муассасаларига етказилди. 

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берган топшириқларига асосан ўқувчиларнинг она тили ва адабиётга, айниқса, китобхонликка бўлган қизиқишини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизнинг турли жойларида иқтидорли ўқувчилар учун билим даргоҳлари ташкил этилди. Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати фаолият кўрсатмоқда. Нукус шаҳрида Ибройим Юсупов, Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф, Қарши шаҳрида Абдулла Орипов, Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ҳамда бошқа қатор ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ташкил этилиб, уларга иқтидорли ўқувчилар саралаб олинди. 
Айни пайтда аниқ ва табиий фанларни янада пухта ўқитишни таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда ихтисослашган мактаблар ва синфлар тармоғи ташкил этилди. 

Бу йил ахборот-ресурс марказлари ва умумтаълим мактаблари кутубхоналарига лотин графикаси асосида яратилган ўзбек ва чет эл ёзувчиларининг 28 номдаги 1 миллион 200 мингдан ортиқ нусхадаги бадиий асари, энциклопедиялар ва маърифий китоблар етказилди. 

Юртимизда кечаётган ўзгаришлар жараёнида мактаб таълимига доир ислоҳотлар алоҳида ўрин эгаллайди. Айни ислоҳотлар мақсадли, манзилли, халқнинг, ота-оналар, педагогларнинг хоҳиш-истаги, мақсад-муддаолари, ёшларнинг беғубор орзу-интилишларини инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда белгиланган миллий қонунчиликка таянилиб, қатъий олиб борилмоқда. 

 
Назокат Усмонова, ЎзА
 

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 37

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.