Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асоси

2016.10.05 | Ўқувчиларга

Истиқлолимизнинг илк йили – 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлақонли акс эттирилган. Қонун асосида ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур асослар мустаҳкамланиши билан бирга уларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида урғу берилган.

Бундан ташқари, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб фармон ва қарорлар, қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Хусусан, 2008 йилда қабул қилинган “Ёшлар йили” Давлат дастури, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борада ўзига хос янги босқични бошлаб берди. 2016 йил 15 сентябрда кучга кирган мазкур қонун ёшлар сиёсатининг асосий қоидаларини ўзида мужассам этган. Қонун бундай сиёсатни шакллантириш ва рўёбга чиқаришга доир ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди.

Замон талабларини ҳисобга олган ҳолда қонунда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилган. Булар сирасига ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда манфаатлари киради. Шу асосда ёшларнинг очиқ ва сифатли таълим олиши таъминланади. Ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашилади. Уларни ишга жойлаштириш ва бандлиги учун шарт-шароитлар яратилади. Уларни қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга эътибор қаратилади. Ёшларни маънавий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, радикализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, спортни, тадбиркорликни ривожлантириш доимо диққат марказида бўлади.

Қонундаги эътиборли жиҳатлардан бири – унда ушбу йўналишдаги асосий тушунчалар моҳияти очиб берилган. Жумладан, “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис” каби тушунчаларга изоҳ берилган.

Хусусан, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилади. Ёш оила деганда, 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, ёлғиз, бева эр (хотин) тушунилади.

Қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи, яъни Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар белгиланган. Булар сирасига таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари киради. Маданият ва спорт ишлари, меҳнат, прокуратура, ички ишлар, адлия, мудофаа ишлари бўйича органлар, оммавий ахборот воситалари ҳам шулар жумласидандир. Ушбу органлар ва муассасаларнинг вазифалари, ваколатлари, шунингдек, уларнинг бу соҳадаги жавобгарлиги қонунда аниқ белгиланган.

Ўз навбатида, қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ёшлар учун қўшимча кафолатлар, яъни бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш ва бошқа шу кабилар қамраб олинган.

Қонунда мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш кабилар орқали амалга ошириш мумкин бўлган истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари тартибга солинган.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини рўёбга чиқариш мақсадида қонунда мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан чора-тадбирларни кўришга алоҳида ўрин ажратилган.

Ушбу соҳадаги ҳалқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, АҚШ ва Японияда ёшлар 13-14 ёшдан 29-30 ёшгача қилиб белгиланган. Германияда “кичик ёшдаги ёшлар” 14-18 ёш ҳамда “катта ёшдаги ёшлар” 18-27 ёшга бўлинади. Болгарияда 15 ёшдан 29 ёшгача, Россияда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча шахслар ёшлар тоифасига тааллуқли.

Мазкур қонун нафақат ёшлар, ёш оила, балки ёш мутахассис, ёшлар тадбиркорлиги тушунчаларининг мазмунини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади. Ёшларга оид сиёсатни рўёбга чиқариш, комплекс ташкилий-ҳуқуқий ва институционал чора-тадбирларни қабул қилишга йўналиш ва асос бўладиган Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишларини белгилади. Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги давлат бошқарувини ушбу жараёнда иштирок этадиган ҳар бир субъект ваколатларини мустаҳкамлаган ҳолда такомиллаштирди. Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама рағбатлантирадиган қўшимча давлат кафолатларини кенгайтириш ва ўрнатишга, мамлакат иқтисодий ўсишининг локомотиви бўлган ёшлар ўртасидаги тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашишга кенг йўл очди.

Қонун нормалари ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда жамоат ташкилотларининг, аввало, ёшлар ташкилотларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситаларининг роли ҳамда ўрнини кучайтиради. Давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда, соғлом баркамол авлодни тарбиялашга доир тадбирларни уюштириш ҳамда ўтказишда, ёшларнинг жамият ҳаётидаги роли ва фаоллигини юксалтиришда, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари муқаррар иштирокининг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланди.

Қонуннинг қабул қилиниши ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига ҳуқуқий асос яратди. Бу борада масъул бўлган давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар масъулиятини кучайтирди. Бу имкониятлар ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришига замин яратади.
 

Давронбек Олимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги 
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти 
етакчи илмий ходими.
 
ЎзА

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 31

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.