Халқ таълими тизимида чет тилларини ўрганишни такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар

2016.04.21 | Таҳлилий маълумотлар

 

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДА ЧЕТ ТИЛЛАРИНИ ЎРГАНИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАР

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-чадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ва дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун имкониятлар яратиш мақсадида Узлуксиз таълим тизими учун чет тилларидан Давлат таълим стандартлари яратилиб, тасдиқланди ва 2013-2014 ўқув йилидан мактабларда чет тиллари 1-синфдан бошлаб ўқитила бошланди.

Республикадаги 9692 та умумтаълим мактабларининг  барчасида чет тиллари (инглиз тили 8543 та мактабда 3,01 млн.  нафар, немис тили 1589 та мактабда 316 минг нафар, француз тили 1076 та мактабда 216 минг нафар, бошқа (испан, ҳинд, араб, корейс, хитой ва ҳ. тиллар 27 та мактабда 6300 нафар ўқувчига) ўргатилмоқда.               

Ушбу ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфларида 631,2 минг, 2-синфларда 583,5 минг нафар, 3-синфларда 539,3 минг нафар ўқувчилар чет тилини ўрганмоқда (ўртача 94,2% инглиз, 3,4% немис, 2,4% француз).

Халқаро экспертлар билан ҳамкорликда узлуксиз таълим тизими учун умумевропа талабларига (CEFR) асосланиб чет тилларидан янги давлат таълим стандартлари ва бошланғич синфларда (1-4 синф) ҳафтасига икки соат чет тилини ўқитишни назарда тутган янги ўқув режаси ишлаб чиқилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 майдаги 124-сонли қарори билан тасдиқланди.

Мазкур ДТС ва ўқув дастури асосида 1 ва 4-синфлар учун дарслик мажмуалари (дарслик, ўқитувчи китоби, машқ дафтари ва DVD диск) яратилиб чоп этилди ва ўқувчиларга бепул етказиб берилди. 5-9-синфларда дарс бераётган ўқитувчилар учун чет тиллари бўйича методик қўлланмалар янги стандарт асосида қайта яратилиб, чоп этилди.  

Жумладан, 2015-2016 ўқув йили учун чет тилларидан 1-синф ўқувчиларига 641365 нусха чет тили дарсликлари (594281 нусха “Инглиз тили”, 26905 нусха  “Немис тили”, 20179 нусха “Француз тили”),  2-синф ўқувчиларига 591860 нусха машқ дафтарлари (547654 нусха “Инглиз тили”, 25103 нусха “Немис тили”, 19103 нусха “Француз тили”), 3-синф ўқувчиларига 1185998 нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари (550274 нусхадан “Инглиз тили”, 23610 нусхадан “Немис тили”, 19115 нусхадан “Француз тили”) чоп этилди.

Мазкур дарслик мажмуалари маҳаллий муаллифлар томонидан хорижлик консультантлар ёрдамида мактаб ёшидаги болаларнинг психологик ва ёш хусусиятларини инобатга олган ҳолда яратилди.  Ушбу янги авлод дарслик-мажмуалар бевосита Тошкентдаги Британия кенгаши, Гёте институтути ва Франция элчихонаси билан ҳамкорликда хорижий экспертлар томонидан экспертизадан ўтказилиб, такомиллаштирилмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, 2016 йилнинг 11 январидан 20 мартига қадар 4-синфлар учун чет тилларидан яратилган дарслик мажмуалари инглиз тилидан 75 та, немис тилидан 28 та ва француз тилидан 28 та таянч мактабларда тажриба-синовдан ўтказилди. Қайд этиш лозимки, 4-синф ўқувчилари учун “Kids’ English-4” дарслик мажмуаси тажриба-синовлари олдинги йилларда бу борада муайян тажрибага эга бўлган  экспериментатор-ўқитувчилар томонидан ўтказилди.

Ушбу экспериментатор-ўқитувчилар мазкур мажмуалардан фойдаланган ҳолда 4-синфларда ўқувчиларга ҳафтасига икки соатдан, амалдаги дарсларга қўшимча равишда чет тилларидан дарс ўтишди. Тажриба-синов ҳамда амалиёт натижалари, экспериментатор ҳамда амалиётчи ўқитувчилар фикрларини инобатга олган ҳолда хорижий экспертлар, тилшунослар ёрдамида чет тиллари бўйича 4-синф учун дарслик мажмуаларини (ўқувчи китоби, ўқитувчилар учун методик қўлланма, мультимедиа иловалари) такомиллаштирилди.

Бошланғич синфларда чет тилларини ўқитиш учун 17222 та чет тили хоналари тайёрланди ва уларнинг барчаси DVD-магнитола, ўқув-кўргазмали қуроллар, луғат ва адабиётлар билан таъминланди. 2014 йилда 2457 та бошланғич синфларга ноутбук компьютерлар, проектор ва бошқа техник воситалар етказилган бўлса, 2015 йилда 4193 та бошланғич ва 1500 та 5-9-синфлар учун жиҳозлар етказиб берилди.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 5-9 синф чет тиллари кабинетлари учун жами 2985 тўплам (2013 йилда 1485 синф тўплам, 2014 йилда 1500 синф тўплам) компьютер техникалари етказиб берилган.

Жорий йилда умумтаълим мактабларининг 1-4 синф чет тиллари кабинетлари учун 5286 синф тўплам техник воситалар (ноутбук, проектор, овоз кучайтиргич, сичқонча, TV-тюнер, маркерли доска ва бошқа) ва 5-9 синф чет тиллари кабинетлари учун 2800 тўплам компьютер техникалари харид қилиниши режалаштирилган. Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан 1-4 синф чет тиллари кабинетлари учун 6775 синф тўплам техник воситалар жойларга етказиб берилган.

Чет тили хоналарига етказиб берилаётган замонавий техник воситалар, кўргазмали қуроллар ўқитувчиларга тўлақонли ва сифатли дарс ўтишлари учун қўл келмоқда. Айниқса, болаларнинг видеолавҳаларни кўриб, аудио материалларни эшитиб, ўйинларда бирга иштирок этишлари уларни чет тилини ўрганишга бўлган қизиқишини янада ошишига хизмат қилмоқда.

Республикамиз умумтаълим мактабларида 23390 нафар инглиз тили, 3300 нафар немис тили ва 2283 нафар француз тили ўқитувчилари фаолият кўрсатиб келмоқда.

2013-2014 йилларда махсус ишлаб чиқилган 144 соатлик дастур асосида умумтаълим мактабларининг барча чет тили ўқитувчилари қайта тайёрланди, шунингдек, 1-2-3 синфларда дарс берувчи ўқитувчилар (ҳар йили 18 минг нафардан) дарслик мажмуаларидан фойдаланишга ўргатиш методикаси бўйича махсус 36 соатлик дастур асосида қўшимча тайёргарликдан ўтказилди.

Чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада ошириш мақсадида, 2015 йил март ойидан бошлаб алоҳида ҳукумат қарори билан чет тили ўқитувчилари учун амалдаги малака ошириш  жараёнига қўшимча равишда (ҳафтада бир марта 6 соатлик) касбий маҳоратини оширишга мўлжалланган  узлуксиз малака ошириш курслари ташкил этилди. Чет тили ўқитувчилари учун методик кун ҳисобланмиш жума кунлари барча ўқитувчилар белгиланган таянч мактабларда тўпланади ва уларни махсус тайёрланган тренерлар ўқитади.

Мазкур курсларда Республикадаги барча чет тили ўқитувчилари ўз ҳудудларидаги 600 дан ортиқ таянч мактаблар базасида 1000 га яқин малакали тренер-ўқитувчилар ёрдамида малакаларини оширмоқдалар.

42 нафар йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчилари Буюк Британиянинг “St.Mark & St.John” университетида ихтисослик бўйича малака оширишди.

Яратилаётган шароитлар натижасида 1-синф ўқувчилари 150 та сўзни, 2- ва 3-синфларда ўқувчилар ўқиш, ёзиш ва чет тилида мулоқотда бўлишни ўрганишди, уларда гаплашиш кўникмалари (400 та сўз) шаклланди. Умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқувчиларининг 5-6-синф ўқувчиларига нисбатан оғзаки нутқда сўзлар луғати бойлиги, талаффузи ва сўз бирикмаларидан фойдаланиш даражаси бўйича устунлиги кузатилмоқда.

2016 йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Халқ таълими тизимида чет тилларини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида Халқ таълими вазири, вазирликнинг мутасадди бошқарма ва бўлим бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларини ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида асосида тизимда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Матбуот анжумани давомида чет тили фанларидан 4-синф учун яратилган янги дарслик-мажмуалари тақдимоти ташкил қилиниб, дарслик муаллифлари йиғилганларга мажуам ҳаида маълумот бериб ўтишди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларини 4-синф ўқувчилари учун яратилган “Kid’s english” дарслик мажмуаси тажриба-синовлари жараёнлари билан яқиндан таништириш мақсадида 21 апрель куни соат 09.30да Чилонзор туманидаги  90-сонли умумтаълим мактабига ижодий сафар ташкил этилди.

 

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.