Мактаб ярмаркалари

2016.08.05 | Таҳлилий маълумотлар

 

МАКТАБ ЯРМАРКАЛАРИ

 

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикамизда жами 1978 та мактаб ярмаркалари ташкил этилади.

Мактаб ярмаркаларининг 967 таси умумий ўрта таълим мактабларида (уларга 6407 та мактаблар бириктирилган) ташкил этилиб, улардан 3172483 нафар ўқувчи, 211 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказиладиган ярмаркалардан 1279262 нафар ўқувчи, 307 та аҳоли гавжум бўлган бозорларда, 493 та йирик савдо мажмуаларида ташкил этиладиган ярмаркалардан 1498400 нафар ўқувчилар фойдаланади. Олис ва бориш қийин бўлган тоғли ҳамда чўл ҳудудларга 98 та кўчма автодўконлар хизмат кўрсатади.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади. Булар:  ўқувчи дафтари, умумий дафтар, кундалик дафтари, расм дафтари, ручка, портфель (ранец), чизғич, циркуль, акварель буёқлари, рангли қаламлар, фломастер, ватман қоғози, ўчирғич, пластилин, елим (клей), рангли қоғоз, қалам йўнғич, қаламдон (пенал), нота дафтари, идора дафтари, тушь, оддий ва рангли бўр, бархат қоғоз, қиз болалар ва ўғил болалар учун пойабзаллар, болалар спорт кийимлари. Мазкур маҳсулотларнинг аксарият қисми юртимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда 6 млн. нафарга яқин ўқувчилар учун эҳтиёжлар заҳираси шакллантирилмоқда.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” компанияси, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси, “Шарқ” компанияси етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.  Ярмаркалар ташкил этиладиган таълим муассасаларининг ҳовли ва фойеларида алоҳида жойлар ажратилиб, зарур жавонлар билан жиҳозланган.

Маҳаллий ҳокимликлар хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ҳамда уларнинг сифатини назорат қилади.

Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.

Ярмаркаларда савдо ишларини амалдаги солиқ ва банк қонунчилигига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш ҳамда аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида савдо ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектларида барча турдаги тўлов терминаллари ўрнатилиши белгиланди.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларининг манзиллари, улардаги мавжуд маҳсулотлар турлари ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

2016 йил 5 август куни Республика болалар кутубхонасида мактаб ўқув қуроллари, адабиётлар, болалар кийим-кечаклари ҳамда пойабзаллар Республика кўргазмаси ўтказилади. Кўргазмада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, мактаб ярмаркасини ташкил этишга масъул ташкилот ва идоралар мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

 

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100159. Ўзбекистон. Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони
Телефон: (+99871) 239-13-43,факс: (+99871) 239-16-30
e-mail: info@xtv.uz

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 36

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.